«Оёқларим ишламаса ҳам, тақдиримдан розиман»

«Тақдирни қўл билан яратур одам, Ғойибдан келажак бахт бир афсона…»

Ғафур ҒУЛОМ


Тақдиримиз ўз қўлимизда… Бир қарашда фалсафий фикр, бир қарашда эса оддий. Бугунги қаҳрамонимиз ҳаётида бу оддий ҳақиқат ўз исботини топгандек. Зеро у тақдирини ўз қўли билан безаётган инсон…

— Ишхонамнинг деразаси катта кўча томонда. Ишдан чарчаганимда дераза орқали бахтли дунёни кузатаман. Эрталаб кимдир ишга, кимдир ўқишга шошган. Биров дугонаси, биров жуфти, биров болалари билан етаклашиб юрган. Уларнинг оҳиста ёки шошган қадамларини кўриб, ич-ичимдан ҳавас қиламан. Яна кўзимни қувнатадигани, атрофимдаги бахтли инсонлар мен тиккан кўйлакларни кийиб яна ҳам хурсандек. Уларнинг қувончига, кўркига мен ҳам ҳиссамни қўшаётгандек. Шундай дамлар оёқларимни ҳаракатдан айирган тақдир менга гул қўлни ато этгани учун шукрона айтаман. Гарчи уларнинг қаторида мен ҳам ўйнаб-кулиб юрмасам-да, йўлдошлари бўлмасам-да, атрофимдагиларга кераклигимдан мамнун бўламан.

Туғилганимда оёқларимда ҳеч қандай нуқсон бўлмаган. Балки миттигина чақалоқнинг хасталиги сезилмагандир. Икки ойлигимда чилла тушиб, қаттиқ оғриганман. Баданимга қизил тошмалар тошиб кетгани учун онам бир танишимизнинг маслаҳати билан малҳам суртган. Кейин чиллам қайтган-у, оёқларим ҳеч ҳаракатланмаган. Одатда, қизлар тез эмаклашади, гапиришади, қадам ташлашади. Аммо мен икки ёшимгача ҳам юрмаганман. Илк қадамларимни кутиб чарчаган ота-онам шифокорларга учрашган. Ташхисни эшитгач эса даволатиш мақсадида ҳатто хорижга ҳам олиб боришган. Ҳамма бир гапни айтган: «Қизингизнинг чақалоқлигида чилласи ичига қайтиб кетган. Шу сабаб оёқлари то тиззасигача ишламай қолган…»

Ота-онамнинг мени кўрсатмаган шифокорию олиб бормаган табиби қолмаган. Мен эса тиззам билан эмаклаб ҳаракатланиб, дунё ташвишларидан бехабар юраверганман.

Оилада кенжа фарзандман. Опаларим, акаларим доим менга кўз-қулоқ бўлишган. Оёқларим ишламаса ҳам, жуда тез ҳаракатланганман. Доим эмаклаб ё ҳовлига, ё кўчага чиқиб кетарканман. Худога шукр, ҳозир ҳам шундай тез ҳаракатланаманки…

Отам раҳматлик туманимизнинг кўзга кўринган кишиси эди. Доим эл хизматида бўлган. Опаларимни, акаларимни институтда ўқитди. Онам эса болалар тарбияси, айниқса, мен билан овора бўлиб, ишламаган. Билганим доим кийим, кўрпа-тўшак тикарди. Отам «Дилдора қизим ҳам илм олсин» деб уйга ўқитувчиларни чақириб мени ўқитган. Гарчи тенгдошларим билан мактаб даврининг гаштини сурмаган бўлсам-да, илм олишга иштиёқим кучли эди. Бундан ташқари тўрт-беш ёшимдан қўлимга игна-ип олиб, онамнинг ёнида қўғирчоқларимга кўйлакчалар тикардим. Ўзбек оилаларининг ҳар бирида тикув машина бўлиши табиий ҳол. Бизнинг хонадонимизда ҳам иккита тикув машинаси бўлиб, биттаси янгилигича турарди. Бўйим кичиклиги сабаб оёқ билан ишлашга мўлжалланган тикув машинасининг тахтачасини қўлларим билан босиб ишлатардим. Ўшанда юрагимда тикувчиликка меҳр уйғонган. Кейинчалик «Оёқларим ишламаса ҳам, Худога шукр, қўлларим бут. Нега энди фақат яқинларимга юк бўлишим керак? Менинг ҳам қўлимдан кимнингдир корига яраш келади-ку», дея тикувчиликни ўрганишга қарор қилдим. Олдинига онам эски кўйлакларни қайтадан тиктирди. Кейинчалик матоларни ишониб топшира бошлади. Қўлим анча келишгач, бошқа тумандаги малакали тикувчига шогирд тушдим. Касбимга меҳрим туфайли ойлаб ўша кишининг уйида яшаб, тикувчилик сирларини ўргандим. Мақтаниш эмас, ўн саккиз ёшимда туманимизнинг энг олд тикувчилиларидан бири эдим. Уйимизда ҳар куни мижозлар. Улар билан гаплашиш ҳаёт ташвишларидан чалғитарди. Кимдир тиккан кўйлагимни кийиб, ўзини кўзгуга солиши, гир айланиб қувонишлари менга қувонч бағишларди. Кейинчалик яқинларимнинг қизлари, қўни-қўшнилар тикувчиликни ўрганишни истай бошлашди. Шу билан шогирдларимга ҳунаримни ўргатишга киришдим. Нафақат туманимизда, вилоятимизда «Дилдора тикувчи» бўлиб танилдим. Энди одамлар менга ачиниб эмас, ҳавас билан қарашарди. Неча-неча қизларнинг келинлик сарполарини тикдим. Аёллар тўй-тантаналарга кийиш учун либослар буюртма қилишади. Бошқаларга бу оддий туюлиши мумкин, лекин қувончли кунларида айнан сизнинг қўлингиз билан тикилган либосни кийишни исташларининг ўзи катта бахт!

Тўрт йил олдин акам хусусий маиший хизмат кўрсатиш шохобчасини ишга туширди. Ўшанда «Синглим, сенга битта кичикроқ цех очиб бераман. Ҳам қизларни ўқитасан, ҳам тикувчилик билан шуғулланасан», деди. Бу таклифдан бошим кўкка этди. Энди мен хусусий тадбиркорга айланаман! Ўз бизнесим бўлади!

Мана, кичикроқ цехга бошчилик қилиб келаяпман. Давлатимиз томонидан бугун хусусий тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилган. Шулардан фойдаланиб, элнинг хизматига яраяпман, ўз севган ишим билан шуғулланаяпман.

Менга нима куч бағишлайди? Мижозларимнинг кўнглидагидек либос тиксам, янада илҳомланаман. Шунчаки қўлимга игна тутмайман, бор меҳримни бериб либос тикаман.

Оёқларим ишламаса-да, тақдирнинг мўъжисаси билан оёқ ёрдамида ишлайдиган тикув машинасидан фойдаланаман. Тиззаларим ёрдамида юриб, барча юмушларни ўзим бажараман. Кимнингдир қўлига қараб қолмаганимга шукр дейман. Айрим оёқ-қўли бутунларни кўриб ҳайратланаман. Баъзи соғлом аёллар қайнонасининг хизматини қилишни катта муаммо деб билишларидан ҳайрон қоламан. Инсон ўз тақдирини ўзи яратади. Фақат ҳаётнинг ранг-баранг, чиройли бўлиши ўзига, феъл-атворига ва меҳнатига боғлиқ. Оёқларимнинг ишламаслиги бу бир синов. Иродам, интилишим билан шу синовга енгилмай келаяпман. Ёшим ўттиз бешга яқинлашиб қолди. Ўттиз беш йиллик умримдан мамнунман. Келажакдан умидларим, орзуларим кўп. Ҳали бундан катта ишларни амалга оширишни режалаштирганман. Ҳаётнинг барча неъматларидан, имкониятлардан фойдаланиб яшашни истайман. Ҳар бир дақиқамни қизлар, аёллар, онахонларнинг қувончлари учун сарфласам дейман. Чунки уларнинг бахтли чеҳрасидан куч оламан.

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА қоғозга туширди
 
Sana: 08/01/2025
Bo`lim:
Ko`rdi: 1184
Qo`shdi: Mexmon
Barcha Izohlar: 0

Izoh qo'shish uchun ro'yhatdan o'ting!
[ Ro'yhatdan o'tish | Вход ]
Mini-chat
Для добавления необходима авторизация
Nimani qidiramiz?
Reklama
Bizga qo'shiling!
So'ngi sharxlar

Reklama!!!
Hammaga salom. Kim rus va ingliz tili 6rganmoqchi b6lsa menga murojat qilsin. Manzil andijon yangi bozor mumtoz r6parasi telefon +998901469377...

Ucell абонент тўлови ошганлигини маълум қилди
jaaa jonga tegdiyu bular...

Ucell абонент тўлови ошганлигини маълум қилди
obbooooo...

Ulug'bek Rahmatullayev - Nega Mayussan [HIT]
Oka z6r...

Ulug'bek Rahmatullayevdan birdaniga 4 qo'shiq premyerasi [eXclusiv]
bu qoshiq menga yoqdi juda...

Oq lolalar… (Sevgi izhori)
Yigitning sevgisi chin ekan...

Ulug'bek Rahmatullayev - Nega Mayussan [HIT]
Ulugbek menike4ir 2 chiqar kutaman ukam...

Миллиардер Марк Цукерберг 19 млрд $ га "Whatsapp"ни сотиб олди!
Exxxx axmoq...

UmmoN guruhi - Nega Nega Yo'q [HIT]
Ummonga gap yo'q...

UmmoN guruhi - Nega Nega Yo'q [HIT]
Salom...



AFISHA
Biz bilan aloqa
..::OQ AYIQ::..
 Admin: Muzaffar
 Mail: MusicTv.uz@mail.ru
 Tel: +99894 500-30-35
 Ish Vaqti: 09:00 - 18:00
odnoklassniki.ru/musictv.uz

WhatsApp: +998945003035
Online
www.uzbek.mobi weplog.tv  
Всего на сайте: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Sayt xaqida ma'lumot

Ro'yhatdan o'tganlar

 Barcha: 2139  
 1 Oy mobaynida: 0  
 1 Xafta mobaynida: 0  
Kechagi yangilar: 0
Bugungi yangilar: 0

Из них

Admin: 3
Forum Moderatori:
Tekshiruvda: 0
Обычных юзеров: 2127

Yigit qizlar

 Yigitlar: 1826  
 Qizlar: 115



Сделать бесплатный сайт с uCoz